Чегара билмас мухбирлар Москвани Али Ферузни Тошкентга топширмасликка чақирди

Али Феруз тахаллуси билан фаолият юритувчи “Новая газета” мухбири Худойберди Нурматов.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Москвани Али Феруз тахаллуси билан фаолият юритувчи “Новая газета” мухбири Худойберди Нурматовни Россиядан Ўзбекистонга депортация қилмасликка чақирди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Худойберди Нурматов Тошкентга экстрадиция қилинса, қийноқларга солиниши мумкинлигидан ташвиш билдирган. Ташкилот Россия ҳукуматини журналистга тез орада қочқин мақомини бериш масаласини кўриб чиқишга чақирди.

Мухбир 16 март куни Москвада Ўзбекистон сўрови билан қўлга олиниб, кейинроқ шаҳарни тарк этмаслик шарти билан ҳибсдан озод қилингани айтилган эди.

У 8 йил муқаддам Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати босими остида Россияга қочиб келганини билдирган.

2012 йилда у Ўзбекистон паспортини йўқотиб, ҳозиргача қочқинлик мақомини ололмасдан юргани айтилди.