Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 10 июнь куни Қорақалпоғистон Республикасига борди.
ЎзА агентлиги берган хабарга кўра, юқори мартабали меҳмон Бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Орол денгизи акваториясига борган, Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”ни кўрган, жамоатчилик вакиллари билан учрашган ва БМТ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишган.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, БМТ Бош котиби "Орол фожеаси - инсон планетамизни қандай қилиб вайрон қилиши мумкинлигини кўрсатувчи мисолдир", деб баҳо берган.
Агентликка кўра, "бир вақтлар мавж уриб турган денгизнинг суви кейинги 50-55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайган, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлган".
Айни пайтда, бу минтақадаги экологик аҳволни ўнглаш мақсадида қуриган денгизнинг 350 минг гектарлик қисмида иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олдини олишга уринилмоқда.
Бундан ташқари, БМТ Бош котиби И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида ҳам бўлгани хабар қилинди.
БМТ Бош котиби 11 июнь куни Марказий Осиёга сафари доирасида Қирғизистонга учиб кетди. Бу ерда унинг 2010 йилги июн ҳодисаларига бағишланган тадбирда иштирок этиш учун Ўшга бориши кутилмоқда.
Ўзбекистондан аввал эса у Қозоғистонда бўлиб, 8-9 июнь кунлари ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар саммитида қатнашди.
12 июн куни Антониу Гутерриш Тожикистонга, 13 июн куни эса Туркманистонга боришни режалаган.