Алексей Навальний тарафдорлари Россия бўйлаб норозилик акциялари ўтказмоқда

Алексей Навалний 14 май куни ўтказилган акцияда.

Бугун Россияда мухолифатдаги сиёсатчи Алексей Навальний тарафдорларининг коррупцияга қарши акциялари бўлиб ўтмоқда.

“Жавоб беришингизни талаб қиламиз” шиори остида ўтаётган бу акцияга Новосибирск шаҳрида тақрибан 4 минг киши қатнашди.

Владивостокда ўтказилган акция давомида 11 иштирокчи қўлга олинди. Намойишчилар ва ОМОН ўртасида муштлашув юз берди.

Суд Владивостокдаги акция уюштирувчиси, маҳаллий дума депутати Юрий Кучинга рухсат берилмаган митинг уюштиргани учун 20 минг рубл жарима солди.

Қозон шаҳрида митинг ўтказиш учун расмий рухсат олинган, бироқ бу шаҳарда ҳам акция иштирокчиларидан 4 киши ушланди.

Навальний тарафдорларининг акциялари Благовешченск, Братск, Улан-Уде, Томск, Тюмень, Якутск шаҳарларида ўтмоқда.

Якшанба оқшомида Навальний ўз сайтида Москвадаги Академик Сахаров проспектида рухсат берилган митинг бекор қилинганини эълон қилди ва акцияда қатнашмоқчиларни шаҳар марказига – Тверь кўчасига таклиф қилди.

Москва прокуратураси душанбага ўтар тунда акция уюштирувчиларини қонунни бузиб бўлмаслигидан огоҳлантирди.

Алексей Навальний 2018 йили бўлиб ўтадиган сайловда Россия президентлигига ўз номзодини қўйишини эълон қилган.