Москва суди муҳолифатчи Алексей Навальнийни митинг ўтказиш тартибини қайта бузганликда айбдор деб топиб 30 кунлик ҳибсга ҳукм қилди. Бу намойишларда 1500га яқин одам ҳибсга олинди. Дунё ҳукуматлари бу ҳибсларни қоралаб, тинч намойишчиларни зудликда озод қилишга чақирмоқда.
Ҳукуматдаги коррупцияга қарши мухолифат намойиши Россиянинг 12 та шаҳрида ўтказилди ва унда қатнашган юзлаб одам қўлга олинди.
Ҳибсга олинган жами 1560 нафар намойишчидан 866 нафарининг Москвада¸ 548 нафарининг эса¸ Санкт-Петербургда ушлангани айтилмоқда.
Намойишлар полициянинг қаттиқ назорати остида ўтказилди. Баъзи жойларда митингчиларга нисбатан куч қўллангани айтилмоқда.
Норозилик намойишларининг асосий ташаббусчиси Алексей Навальнийнинг ўзи эса¸ 12 июнь кунги тадбирлар бошланмай туриб¸ рухсат берилмаган намойиш ўтказишда айбланиб¸ ҳибсга олинди ва суд ҳукми билан 30 кунлик қамоққа ҳукм қилинди.
Симоновский туман судидан туриб ëзилган видеоблогида Навальний навбатдаги видеомурожаати 30 кундан кейин бўлишини айтиб¸ 12 июнь куни намойишга чиққанлар билан бирга бўла олмаганидан афсус билдирди:
- Афсусларким¸ мен ҳаммани бу митингга чиқишга чақирдим¸ аммо ўзим бу пайтда судда бўлганим боис¸ унда қатнаша олмадим. Суратларни кўрдим¸ ҳаммангиз зўрсиз¸ мен сизлар билан битта ҳаракатда бўлганимдан фахрланаман. Мен келаси 30 кун ичида кўп китоб ўқийман¸ нарда ўйнаб¸ ухлайман. Лекин сиз ишни давом эттиринг¸ коррупцияга қарши курашинг¸азаматлигингизча қолинг¸ деди 12 июнь кунги суд ҳукмидан сўнг қилган видеомурожаатида Алексей Навальний ўз тарафдорларига қарата.
Москва ҳукумати мухолифатга митингни Сахаров шоҳкўчасида ўтказишга рухсат берган эди. Навальний 11 июнь куни ҳукумат митинг ўтказишга турли тўсқинликларни қилаётгани учун намойишни Москва марказидаги Кремлга элтувчи Тверь кўчасида ўтказилишини эълон қилди.
Норозилик намойишлари пайтидаги полиция ҳатти-ҳаракатини мониторинг қилувчи ОВД-Инфо халқаро ноҳукумат ташкилоти¸ ушланганлар аксарининг 13 июнь тонгида қўйиб юборилганини билдирди.
АҚШ¸ ЕИ ва халқаро ҳуқуқ гуруҳлари Россия бўйлаб ўтказилган тинч норозилик чиқишларида юзлаб одамнинг ҳибсга олинганини қоралади.
Жумладан, Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер тинч намойишчиларнинг қўлга олинишини "демократик қадриятларга нисбатан ҳақорат" деб баҳолади ва Россия ҳукуматидан ушланганларни озод қилишни сўради:
- АҚШ 12 июнь куни юзлаб тинч намойишчининг Россия бўйлаб ҳибсга олинишини кескин қоралайди. Тинч намойишчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистнинг қўлга олиниши демократик қадриятлар моҳиятига зиддир. АҚШ вазиятни кузатишда давом этади ва биз Россия ҳукуматини тинч намойишчиларни зудликда озод қилишга чақирамиз, деди Оқ уй матбуот котиби.
ЕИ ташқи сиëсати мутасаддиси Федерика Могерини тинч намойишчиларнинг ушланишини сўз эркинлигига таҳдид деб атаган бўлса¸ Amnesty International ташкилоти намойишлар бостирилишини Россия ҳукуматининг фундаментал инсон ҳақларидан ҳазар қилиши ифодаси сифатида баҳолади.
Шу йилнинг 26 мартида ҳам 41 яшар Алексей Навальний етакчилигидаги Россия бўйлаб ўтган коррупцияга қарши намойишларда ўн минглаган одам иштирок этган ва улардан 1000 нафари қўлга олинган эди.
41 яшар Навальний 26 март куни ҳам рухсат берилмаган митинг ўтказишда айбланиб¸ 15 кунлик қамоққа ҳукм этилган эди.
У кейинги йил март ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида қатнашиш ниятини билдирган.
1999 йилдан бери президент ва бош вазир сифатида ҳокимиятни қўлида тутиб турган Владимир Путиннинг ҳам тўртинчи марта президент сайловида номзодини қўйиши кутилмоқда.
Россия ҳокимият идораларининг Навальний бир неча бор судлангани учун унга президент сайловида номзодини қўйишга рухсат бермаслиги кутилмоқда. Аммо тарафдорларининг айтишича, мавжуд қонун-қоидаларда бу нарса аниқ кўрсатилмаган. Қолаверса, Россия ҳукумати вакиллари унинг сайловда қатнашиш-қатнашмаслиги хусусида ҳануз аниқ бир баёнот бергани йўқ.