Россия ватандоши бўлишни орзу қилган "абадий ўзбек" Анвар Зуфаров ҳикояси (ВИДЕО)

Анвар оиласи билан

Россия президенти Владимир Путиннинг аҳоли билан "жонли мулоқоти" давомида унга мурожаат қилган ўзбекистонлик муҳожир Анвар Зуфаровга вақтинчалик яшаш гувоҳномаси берилиши ваъда қилинди. Псков шаҳрида қўним топган ва фермерлик қилаётган Зуфаров, тўрт фарзанди ва аёли россиялик бўлишига қарамасдан, кўп йиллардан бери гражданлик ололмаётганидан арз қилиб келади.

Расмийлардан жавоб кутавериб чарчаганини Озодликка гапириб берган Анвар, ватандошлик ололмаса фермасини сотиб, хориж давлатларидан бирига чиқиб кетмоқчи эканини маълум қилди.

2011 йилдан буён Россияда доимий яшаб келаётган тошкентлик Анвар Зуфаров Россия гражданлиги ололмасдан қийин аҳволда қолгани борасида бевосита Владимир Путинга қилган мурожаати у яшаётган Псковда катта шов-шув кўтарди.

Ўзининг Фейсбук саҳифасида у Владимир Путинга унинг номидан мурожаат қилишга чақиргани кўплаб маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарқалди.

Анвар 2011 йилдан буён гражданликка ҳужжат йиғади

Шу йилнинг 15 июнидаги президент билан “жонли мулоқот” давомида унинг номидан Владимир Путинга кўплаб россияликлар мурожаат қилганидан кейин унинг вазиятига Дума депутатлари ҳам қизиқиш билдирди.

Ишончим комилки, Анвар каби мамлакатимизни ободонлаштирмоқчи бўлган ишчан одамлар бизга керак. Ва шундайларга биз кўмак беришимиз лозим. Маҳаллий амалдорлар ва собиқ ФМС ходимлари лоқайдлиги билан ҳайратда қолдирмоқда. Ахир бизга худди шундай мигрантлар керак эмасми? Бу ижтимоий адолат масаласидир. Ва уни ҳал этмоқ зарур. Албатта!” деб ёзди саҳифасида депутат Евгений Ревенко.

Озодлик билан суҳбатда Дума депутати Анвар масаласида Россия Ички ишлар вазири Владимир Колоколцевга хат юборгани ва вазиятни ойдинлаштиришни талаб қилганини қўшимча қилди.

“Комсомольская правда”, “МК”, “BFM” ва бошқа ўнлаб радио, газета ва телевидение орқали Россияда кўпчиликка танилган Анварга маҳаллий журналистлар томонидан, қўшиқчи Гребеншчиковнинг асарига менгзаб, “абадий ўзбек” номи берилди.

“Абадий ўзбек” Анвар Зуфаров – Тошкентнинг Қорасувидан.

У Тошкентдаги Маданият институтини битирган.

Ўзбекистондан келиб, Москвада официант, қурувчи-монтажчи, шоумен, гардеробчи ва бошқа касблар билан шуғулланган.

У гражданлиги йўқлиги туфайли Москвада бир, Псковда иккинчи маротаба россиялик шериклари томонидан алданганини гапириб берди.

Россия пойтахтида ватандошлик ололмаган "абадий ўзбек" чекка Псковнинг Эстония билан чегарадош ташландиқ жойларидан бирига кўчиб ўтади.

Ҳозирда Печёра туманидаги Бебешкино қишлоғида фермерлик қилаётган ва сифатли пишлоқ маҳсулотларини пиширишни йўлга қўйган 40 ёшли Анвар Зуфаров расмий мақомсиз бирор иш қилишнинг иложини топа олмаётганини Озодликка сўзлаб берди.

- Биз феврал ойида президентга хат жўнатган эдик. Аввалига мени ишим Ташқи ишлар вазирлигига топширилди, улар эса Ўзбекистон элчихонасига ва Псков полиция бўлимига билдиришнома жўнатди. Псков полицияси менга “Ҳужжат билан келинг, ҳужжатингиз бўлмаса келишнинг ҳожати йўқ!”, қабилида хат юборди. Менинг аҳволимда бўлган жуда кўплаб одамлар Россияда яшамоқда. Президент эса мигрантлар масаласини бир оғиз билан ҳам кўтармаганидан кейин, “Етар, бирор элчихонага бориб, қочқинлик сўрайман”, деган фикр келди, деди Анвар.

Суҳбатдош 2000 йиллар бошидан Россияга келиб-кетиб юргани, Псковга келиб уйлангани, фермерлик қила бошлаганидан кейин ўз шериклари томонидан алданганини сўзлаб берди.

Анвар пишлоқларни эчки сутидан тайёрлайди

“Гражданлигим бўлмагани сабабли, маҳаллий қонунлар ерда ишлашга рухсат бермайди: шу сабабли гражданлик мақомини олишга бор кучимни сарфладим”, дея давом этади у.

- Ўша пайтда мени депортация қилиш хавфи пайдо бўлди. Масалан, онамни Ўзбекистонга 2018 йилгача депортация қилишди. Қизиғи, миграция хизмати сизни депортация қилишни истаса – қилади, истамаса – жўнатмайди. Яъни сизнинг тақдирингиз уларнинг шахсий хоҳиш-истагига боғлиқ! 2013 йилда мен “ватандош” мақомини олдим, аммо бироз вақт ўтганидан кейин бирор тушунтиришларсиз мени бу мақомдан маҳрум қилишди, деди Анвар Зуфаров.

Фермер йигит юқори идораларга қилган мурожаат ва шикоятлари ниҳоят натижа берганини ҳам айтди: шу кунларда Россиянинг Миграция бўйича бош бошқармаси унга вақтинчалик яшаш гувоҳномасини беришини билдиргани маълум бўлди.

Қишлоққа келишдан олдин Анвар кўп касблар билан шуғулланиб кўрган

Ўзбек муҳожири Тошкентда радиобошловчи бўлгани, республика “Қувноқлар ва зукколар” конкурсларида иштирок этгани, Москвага эса шуҳрат ва янгилик излаб келиб қолганини гапиради.

- Бу ерда мен фермерлик қиламан, пишлоқ пишираман. Пишлоқларим халқаро миқёсда тан олинди – хотиним билан Пишлоқ пиширувчилар Иттифоқига аъзомиз. Лекин ҳамма бизнесимиз хотинимга расмийлаштирилган. Печёрский туманимизда жами 15 минг киши яшайди, минтақамиз тушкун аҳволда! Уларнинг асосий қисми қариялар – ёшлар шаҳарга кетиб қолаяпти. Шундай вазиятда ерда ишламоқчи бўлган одамга ер беришмаётгани қизиқ кўринаяпти. Мени кўпчилик журналистлар “абадий ўзбек” деб аташаётганидан хафа эмасман, чунки мен тоабад ўзбеклигимча қоламан. Ўзбекистон икки гражданлик беришга рухсат берганда эди, мен ўз Ватаним паспортини жоним билан сақлаб қолган бўлардим. Афсуски, ҳамма яқинларим, тўртта фарзандим ва аёлим россиялик ва мен гражданлик олишга мажбурман, деди суҳбат сўнггида Анвар Зуфаров.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Фермер Анвар Зуфаров билан суҳбат