Москванинг жанубида ўзбек муҳожири трамвай остида қолди. Мосгортранс бошқармаси йўловчи наушник тақиб олгани сабабли келаётган трамвай сигналларини эшитмасдан қолганини хабар қилмоқда.
Москванинг Нагатинская туманида ўзбек муҳожирини трамвай босиб қолди.
Ҳодиса гувоҳлари ва қутқарувчилар ёрдамида трамвай остидан чиқариб олинган муҳожир йигит Москва шаҳар 36-сонли шифохонанинг жарроҳлик бўлимига ётқизилди.
Ижтимоий тармоқларда бу ҳодиса акс этган видеотасвир ҳам пайдо бўлди. Москвалик ҳуқуқ фаоли Каримжон Ёров ўзининг Фейсбук саҳифасида йигитчанинг Москвада отаси борлиги, унинг сумкасини полиция ходимлари олиб кетганини маълум қилди.
Унда трамвай остида қолаётган йигитни унинг ҳамюрти бироз тоқат қилишни сўраётганини эшитиш мумкин:
- Камгина тоқат қилгин – ҳозир олишади сени! Чиқаришаяпти, ана... Вертолёт келди, бир-икки минут тоқат қилгин. Камгина қолди!
Озодлик билан суҳбатда Каримжон Ёров шифохонага олиб кетилган ўзбек муҳожирининг аҳволини билишга уринаётганини қўшимча қилди.
Москва Авиация маркази вертолёти автоҳалокатга учраган йўловчини эвакуация қилгани хабар қилинди.
Озодлик ўз манбаларидан муҳожирнинг бош ва юз қисми жиддий жароҳатлангани, биқини ёрилганини аниқлади.
Ҳодиса ортидан Москва шаҳар йўловчи ташиш транспорти бошқармаси (Мосгортранс) Тожикистон ватандоши экани аниқланган йигит наушникда тақиқланган жойдан йўлни кесиб ўтаётганида трамвай остига тушиб қолганини маълум қилди.
- Кундузги соат 15:00ларда Варшавский шоссесидаги 39 уй ёнида трамвай ва йўловчи иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Ҳозирга келиб йўловчи наушникда трамвай йўлларини тақиқланган жойда кесиб ўтаётгани маълум бўлди. Ҳайдовчи машинани дарҳол тўхтатишга эришди, дейилади Мосгортранс расмий хабарномасида.
Мосгортранс шаҳар йўловчилари, айниқса наушник таққан ва смартфон кўтарган ёшларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш зарурлигини яна бир бор эслатиб қўйди.