Мирзиёев биринчи марта ойлик, пенсия ва стипендиялар миқдорини оширмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни 1 декабрдан ойлик иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган gazeta.uzга кўра, ҳужжат «республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, валюта сиёсатини либераллаштириш шароитида фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида» қабул қилинган.

Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,15 баравар оширилди.

Янги энг кам миқдорлар:

иш ҳақи — ойига 172240 сўм (ҳозирда — 149775 сўм);

ёшга доир пенсия ва болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 336880 сўм (292 940);

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 206720 сўм (179 755) миқдорида белгиланди.

Иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 1 декабрдан бошлаб Президент Фармонида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш белгилаб қўйилди.

Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотларга 1 декабрдан бошлаб фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини ошириш белгиланди.

Бундан олдин президент Каримов 2016 йил 22 августда имзолаган фармонга биноан 2016 йилнинг 1 октябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 15 фоизга оширилган эди.