Путин 13 маротаба журналистлар саволларига жавоб берди (ВИДЕО)

Владимир Путин журналистлар билан 13 марта учрашмоқда

14 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Москвада йиллик матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

Бу йил матбуот анжуманига 1640 журналист аккредитация қилинди.

Бу йилни Путиннинг катта матбуот анжумани у навбатдаги президентлик сайловларига номзодини қўйиши ортидан ўтказилмоқда.

Келгуси сайловларда иштироки

Россия президенти Владимир Путин келаси 2018 йилнинг март ойига ўтказилиши мўлжалланган президентлик сайловларида иштирок этишини яна бир бор тасдиқлади.

- Сайловларда мен мустақил номзод сифатида иштирок этаман, аммо мени қўллаб-қувватлаётган сиёсий кучлар кўмагига ишонаман, деди Владимир Путин.

У тўртинчи муддатга сайланаётганини “оддий россияликлар ҳаётини яхшилашга интилиши” билан изоҳлади.

АҚШ билан муносабатлар

У АҚШ президенти Доналд Трампни ҳимоя қилиб, унинг атрофидаги амалдорлар Кремл билан ҳеч қандай фитнада иштирок этмаганини билдирди. У шунингдек, Трамп президентлик лавозимида катта ютуқларга эришиши ва АҚШ-Россия ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига ишонч билдирди.

Айни пайтда, у Россия ҳеч қандай халқаро битим ва шартномалардан чиқмаганини маълум қилди.

- Биз РҚМ (ракеталарга қарши мудофаа – таҳр.) шартномаларидан чиққанимиз йўқ. СНВ-3дан ҳам чиқиш ниятида ҳам эмасмиз. Агарда АҚШ бир тарафлама ундан чиқадиган бўлса, халқаро хавфсизлик нуқтайи назаридан жуда ёмон бўлади. Биз ўз хавфсизлигимизни таъминлаймиз, қуролланиш пойгасига қўшилмаймиз, деди рус президенти.

Шу билан бирга, Владимир Путин Россия ҳарбийларни молиялаштиришда муҳтожлик сезаётганини гапирди.

Шимолий Корея масаласи

У Шимолий Корея масаласига оид саволга жавоб берар экан, Американи Пхенянга нисбатан куч қўллашдан огоҳлантирди ва унинг оқибатлари “ҳалокатли” эканига урғу берди.

У АҚШ раҳбариятини Пхенянни ракета ишлатишга ўзининг ҳарбий машқлари билан “провокация” қилганликда айблади ва Россия билан биргаликдагина Вашингтон Шимолий Корея муаммосини бартараф қила олишига ишора қилди.

Украина можароси

Украина ҳукумати кучлари ва Россия томонидан қўллаб қувватланаётган сепаратчилар ўртасидаги Украина шарқидаги можаро масаласига бир неча маротаба тўхталган Владимир Путин ўз фикрини ўзгартирмагани ва у ерда “Россия қўшинлари йўқлигини” яна бир бор таъкидлади. Аммо бу гал у Украина Донбассида “ўзини миллатчилар батальонларидан ҳимоя қилаётган ҳарбий-милиция кучлари” борлигини таъкидлади.

Украина ҳақида масалани кўтарган Украина ахборот агентлиги журналисти Роман Цимбалюкнинг "Сиз Украина гражданларини ўлдиргани одам жўнатаяпсиз!" ва "Донбасс масаласида бемаъни сиёсатингизни давом эттираверасизми?" деб бошлаган саволига залдан "Провокация!" деган ҳайқириқлар эшитилди.

Шунингдек, у 2014 йилда Киевда “давлат тўнтариши” амалга оширилгани боис Қримни Россия тортиб олганини айтди.

Анчадан буён нафақат Украина, балки Россия ҳукуматига ҳам тинчлик бермаётган Михаил Саакашвили Путиннинг алоҳида эътиборига сазовор бўлди.

- Украинлар уни қандай чидашаяпти: у мустақил Грузия президенти бўлган, ҳозир бўлса Украина майдонларида югуриб юрибди ва “мен – украинман” деяпти. Украинада ҳақиқий украинлар йўқми? – деди В.Путин.

Журналист саволига жавоб берар экан, у Янги йил арафасида сепаратчилар ва Украина тарафи ўртасида ҳарбий асирларни алмаштиришни таклиф қилди.

Мухолифат ҳақида

Анжуманда “Дождь” телеканали мухбири сифатида 2018 йилги президент сайловларига номзод Ксения Собчак ҳам қатнашди.

Рус мухолифати ва унинг босим остида қолгани ҳамда нима сабабдан ҳукумат мухолифатчилардан қўрқаётганини тушунтиришни сўраб, берган саволига Путин:

- Рақобат ва лаёқатли мухолифат масаласида мен алоҳида жавоб бергандим. Бу жавобнинг қисқа мазмуни шундаки, мухолифат кучлари позитив дастур билан чиқиши лозим. Масалан, сиз “Ҳаммага қарши” шиори остида кетаяпсиз, бу нима – позитив амал қилиш дастурими? Муаммоларни бартараф этишга сиз ўзингиз нима таклиф қилаяпсиз? Сиз кўчаларимизда Саакашвилига ўхшаганлар югуриб юришини истайсизми? Сиз айтган одамлар (А.Навалнийни назарда тутиб.- таҳр) – русча кўринишдаги саакашвилилардир, – дея жавоб берди Владимир Путин.

Нутқини у "ҳукумат ҳеч кимдан қўрқмагани ва бундан кейин ҳам қўрқмаслиги" ҳамда “Россия иккинчи Украинага айланмаслиги" билан якунлади.

Эслатиш жойизки, бундан бир кун олдин Путиннинг асосий танқидчиси Алексей Навалний Интернетда ўзининг президентлик дастурини эълон қилди ва асосий кучини ойлик маошлар-нафақаларни оширишга, коррупцияга қарши курашишга сарфлашини билдирди.

Анжуман давомида у Россия ички сиёсати, ижтимоий-иқтисодий масалалар, экология, спорт ва тиббиёт масалаларига оид саволларга жавоб берди.

Ҳар сафаргидек, президент Владимир Путин ва журналистларни Россияда ишлаётган миллионлаб меҳнат муҳожирлари ва миграция масалалари қизиқтирмади.

3 соат 53 дақиқа давом этган матбуот анжумани давомида у 50 зиёд саволга жавоб берди