Президент Владимир Путин президентликка қайта сайланиш кампаниясини бошлади ва Россиянинг “эркинлиги” ҳамда “барқарорлиги”ни таъминлаш учун хориж давлатлари таъсирига эга бўлган мухолифатга йўл бермаслигини таъкидлади.
Путин бу ҳақда 19 декабрда, яъни президентлик сайловига тайёргарлик бошлангани расман эълон қилинган куннинг эртасига ўз тарафдорлари билан учрашув пайтида гапирди. Россияда президентлик сайлови 18 мартда ўтказилади.
Путин 18 йил аввал ҳокимиятга келиш орқали “кўпчилик вайрон бўлиши ва тарқаб кетишини кутаётган Россияни” сақлаб қолганини ҳам айтиб ўтди.
Президентлик сайловида Путиннинг рақибларидан бири мухолифатчи Александр Навальний бўлиши мумкин. Бироқ ҳозирча унинг президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниши гумон бўлиб қолмоқда.
-Матбуотда биз ҳақимизда ёзишга тақиқ қўйилганига қарамай, сиёсат билан қизиққан одамлар, сиёсий фаол синф орасида биз аллақачон ғалабага эришганимизни тушунамиз. Агар бу сайловда менга иштирок этиш ҳуқуқи берилса, асосий оммавий ахборот воситаларида чиқиш имконияти берилса, вазият яна ўзгаради ва мана шу нарса менга қилинаётган қаршиликнинг асосий сабаби ҳисобланади, -деди Навальний 18 декабрда хориж агентликларига берган интервьюсида.