Ўзбекистон Қуролли кучларига чақирув эълон қилинди

Президент Мирзиёев 13 январда «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли кучлар захирасига бўшатиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга биноан, чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган чақирув ёшидаги фуқаролар 2018 йилнинг февраль - март ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резервига олинади.

Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2018 йилнинг февраль - апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасига бўшатилади.