Қуда-андали аёл ҳақоратларга чидай олмай эрини ўлдирди

Узоқ йиллик ҳақоратларга чидай олмаган 55 ёшли аёл эри жонига қасд қилди (“Даракчи”, 1 февраль). Бош прокуратура бошқарма прокурори Дурбек Саъдуллаевнинг маълум қилишича, 4 фарзанднинг онаси, невараларнинг бобо-бувиси бўлган хотин ва эр ўртасидаги бир неча ўн йиллик муттасил келишмовчиликлар қотилликка сабаб бўлган. Эр хотинини уриб, сабабсиз равишда фоҳишаликда айблаган. Фарзандли, қуда-андали бўлганларидан кейин ҳам ичкиликбоз эр ҳақоратли муносабатда давом этган. Йиллар давомида хўрланган аёл эрини ўлдиришга қарор қилган. Аёл тунги соат 24:00 ларда навбатдаги жанжалдан сўнг сархуш ҳолда ухлаб қолган эрининг бошига ёғоч хода билан урган, кейин эса телевизор шнури билан бўғиб ўлдирган. “Даданг мени ёки мен уни ўлдириб, бу ғурбатларга чек қўйишимиз керак эди. Шу ишни мен бажардим. Тинчидик, болам”, деган қотилликка қўл урган она ўғлига. 55 яшар аёл 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.