Тошкент-Балиқчи –Тошкент йўналиши бўйича поезд қатнови учун билетлар сотувга чиқаришга тайёр бўлди ва 22 мартдан бошлаб сотила бошланади. Бу ҳақда “Қирғизистон темир йўллари” ширкати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, мазкур қатновдаги поезднинг плацкарт вагонларига билет 2500 қирғиз сўми (тақрибан 36 доллар), купега 3378 қирғиз сўми (таҳминан 49,5 доллар), люкс вагонларга 6432 қирғиз сўми (тақрибан 94 доллар)дан сотилади.
Тошкент –Балиқчи-Тошкент йўналишидаги поезд қатновини 22 мартдан бошлаб қайта йўлга қўйишга келишиб олингани тўғрисида 9 февраль куни маълум қилинган эди.
Хабарда айтилишича, поезд Иссиқкўлнинг Балиқчи шаҳрига ҳафтасига бир марта қатнайди. “Ўзбекистон темир йўллари”ширкати томонидан амалга ошириладиган мазкур қатновдаги поезд пайшанба куни Тошкентдан Балиқчига йўлга чиқади ва шанба куни яна Тошкентга қайтади.
Тошкентдан Иссиқкўлга поезд қатновини йўлга қўйиш масаласи 2016 йилда келишилган эди. Бироқ ўшанда поезд фақат бир марта қатновни амалга оширган ва кейин тўхтатиб қўйилганди. 2017 йилда ҳам Тошкент-Балиқчи-Тошкент қатновини қайта тиклаш масаласи кўтарилган, бироқ қатнов қайта тикланмаган эди.
Айни пайтда Тошкентдан Ўшга ва Жалологбодга ҳам поезд қатновларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинаётгани айтилмоқда.