Декларация ва рухсатномасиз хорижга 8,6 миллион сўмни олиб чиқиб кетиш мумкин

Ўзбек миллий валютаси-сўмни четга олиб чиқиш тартиби соддалаштирилди. Бу ҳақда 13 март куни Sputnik нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, бу борада Марказий банк ва давлат солиқ қўмитасининг махсус қарори қабул қилинди. Қарорга асосан бундан буён жисмоний шахслар хорижга декларация тўлдирмасдан энг кам иш ҳақининг 50 кўрсаткичи миқдоридаги маблағни, яъни 8 миллион 600 минг сўмни олиб чиқишлари мумкин. Аввал хорижга энг кам иш ҳақининг 5 кўрсаткичи миқдорида маблағ олиб чиқиб кетаётганлар декларация тўлдиришлари шарт эди.

Бундан ташқари энг кам иш ҳақининг 50 кўрсаткичидан кўп бўлган пулни хорижга олиб чиқиб кетишга рухсат бериш тартиби ҳам ўзгарди. Бундан аввал бундай рухсатнома фақат Марказий банк томонидан берилар эди. Эндиликда эса рухсатномани Марказий банкининг барча вилотялардаги филиалларидан олиш мумкин.

2018 йил аввалида хорижий валютани Ўзбекистонга олиб қириш ва олиб чиқишнинг янги тартиби жорий этилган эди.

Янги тартибга биноан жисмоний шахсларга декларация тўлдирган ҳолда мамлакат ташқарсига 5 минг долларни олиб чиқишга рухсат берилган. Ўзбекистонга олиб кириладиган валюта миқдори эса чекланмаган.