Россия Британиянинг мамлакатдан 23 нафар рус дипломатини бадарға қилиш қарорини фитна, деб баҳолади:
- Мен Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ўтказдим ва Британия томонидан бугунги кунда қилинаётган ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини айтдим. Биз бу ҳаракатни фитна, деб баҳолаймиз,-деди Россиянинг Британиядаги элчиси Александр Яковенко 14 март куни.
Расмий Лондон Кремлни Британия ҳудудида Россия разведкасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Совуқ уруш даврида ишлаб чиқилган нервни фалаж қилувчи газ билан заҳарланишини кеча тунги соат 12:00 гача изоҳлашни талаб қилган эди. Хусусан, Британия бош вазири Тереза Мэй Москвадан Совет Иттифоқида ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқарилган нервни фалаж қилувчи газ Британияга қандай келиб қолганини тушунтириб беришни талаб қилган.
Бироқ Россия ҳукумати бу талабни бажармагани ортидан Лондон 23 нафар рус дипломатини мамлакатдан бадарға қилиш қарорига келган эди.
Аввалроқ бош вазир Мэй Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши ортида Россия тургани «эҳтимоли жуда катта» эканини билдирган эди. Бу масалада АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда НАТО Мэйни қўлламоқда.
Бу орада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Скрипаль ва унинг қизига қарши суиқасд ортида Россия турганини инкор қилди.