Марказий банк 2018 йилнинг 1-чорагида биринчи галдаги истеъмол маҳсулотлари нархи барқарорлашганини маълум қилмоқда.
Расмий маълумотда айтилишича, 1-чоракда нарх-наво ўртача 1 фоизга қимматлаган. Жумладан, нархлар январь ойида 0, 6 фоизга, февралда 0,7 фоизга март ойида 0,4 фоизга кўтарилган.
Марказий банкнинг билдиришича, инфляция жараёнининг жиловланиши ва нархларнинг барқарорлашувига валюта алмаштирув курсининг барқарор сақлаб қолингани ва пул массасининг озайгани сабаб бўлган.
Ҳисоботда 2018 йил 1-чорагида пул массаси 1 фоизга кўпайгани қайд этилган. 2017 йилнинг 1-чорагида эса бу кўрсаткич 7,6 фоиз бўлган.
Муомаладаги нақд пул ҳажми жорий йилнинг 1-чорагида 6 фоизга камайган. Ўтган йилнинг шу даврида эса муомаладаги нақд пул ҳажми 21 фоизга кўпайган эди.
Бироқ Давлат статистика қўмитаси 2018 йил январида нарх-наво умуман олганда 2,7 фоизга қимматлаганини билдирган.