Собиқ совет давлатларидан бири бўлмиш Эстония бугунга келиб технологик инновация ўчоқларидан бирига айланган.
Мамлакат ҳукумати Интернетга уланишни фундаментал инсон ҳуқуқлари қаторига киритган ва рақамли жамият қуриш учун йирик лойиҳа бошлаб юборган. Эндиликда Эстония ўз аҳолиси ДНКсини тўплашга бел боғлади.
Ой бошида 1,3 миллион аҳолига эга Эстония ҳукумати 100 минг фуқаро ДНКсини тўплаш ниятида эканлигини билдирди. Бунинг эвазига ушбу фуқароларга соғлом турмуш тарзи ва саломатлик бўйича индивидуал маслаҳат берилади. Лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, Эстония ўз фуқароларига ДНК таҳлилини таклиф қилган илк давлат бўлади.
Лойиҳанинг мақсади касалликлар олдини олиш ёки хавфини озайтириш учун фуқароларга индивидуал тиббий маслаҳат беришдир. Минглаб генлар анализи асосида ҳар бир шахсга индивидуал генетик ҳисобот берилади. Эстония расмийлари шу йўсинда тўпланган маълумотларни Эстония Миллий соғлиқ маълумот тизимига киритишни режалаштирган.
Эстония Буюк Британия ва Исландия каби мукаммал биобанк дастурига эга. Дастур доирасида 50 минг эстониялик ДНКси тўпланган. Мамлакат келажакда ҳар бир фуқаро ДНКси таҳлилини ўз очига олган биобанк тузишга бел боғлаган. Бу эса соғлиқни сақлаш тизими ҳар бир фуқарога индивидуал хизмат кўрсатиши учун имкон яратади.
Лойиҳани Эстония Ижтимоий ишлар вазирлиги, Миллий соғлиқни сақлаш институти ҳамда Тарту университети қошидаги Эстон геном маркази ҳамкорликда амалга оширади. Мамлакат ҳукумати лойиҳа учун 5 миллион евро ажратди.
Эстония соғлиқли сақлаш тизимига ДНК анализини интеграция қилишга бел боғлаган илк давлат эмас. Дубай ҳам яқинда 3 миллион аҳолисини ДНК анализдан ўтказишини эълон қилган эди. АҚШнинг Невада штатида ҳам маҳаллий тадқиқот маркази 40 минг киши ДНКсини таҳлил қилишни режалаштиряпти.
Эстония биобанк лойиҳасини «Эстония инсон генлари тадқиқоти акти» ҳимоялайди. Акт фуқароларнинг шахсий ҳаëт дахлсизлигини ҳам ҳимоя қилади. Шундай бўлса-да, бундай маълумотлар ҳукумат қўлида бўлишига айримлар кескин қарши бўлишини кутиш мумкин.