Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот Солсберида собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланиши юзасидан Британия ҳукумати ўтказган экспертиза хулосасини тасдиқлади.
Халқаро ташкилот маълумотида заҳарланишга сабаб бўлган кимёвий восита номи айтилмаган, бироқ экспертлар Британия ўтказган текширув натижалари тўғри эканини билдиргани таъкидланган.
Расмий Лондон Сергей Скрипаль ва унинг қизи 4 март куни СССРда ишлаб чиқарилган асабни фалаж қилувчи “Новичок” гази билан заҳарланганини ва бунинг учун Россия масъул эканини билдирган эди. Москва бу айблвони инкор қилиб келмоқда.
Заҳарланиш воқеаси ортидан Британия, АҚШ ва бошқа йигирмадан ортиқ давлатлардан 150 нафардан кўпроқ рус дипломати бадарға қилинган. Москва бунга жавобан бу давлатлар дипломатларини Россиядан чиқарган эди.
2004 йилнинг декабрида Скрипаль Москвада Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ва 2006 йил августида суд ҳукми билан 13 йилга қамалган эди.
2010 йилда Россия у авф этилган, кейинроқ АҚШда қўлга олинган Россия разведкаси ходимларига алмаштирилган.