Арманистонда қарийб 10 кундан бери давом этаётган намойишлар етакчиси Никол Пашинян қўлга олинди.
Лидер Бош вазир Серж Саргсян билан учрашганидан бироз ўтиб, юзлаб тарафдорлари орасида намойишда турган чоғида қўлга олингани хабар қилинди.
Бундан бир неча соат аввал Саргсян Пашинян билан учрашди. Аммо учрашув чоғида мухолифат етакчисининг "мулоқот эмас, товламачилик" қилаётганликда айблаб, намойишкорона зални тарк этди.
Полиция тарқатган расмий баёнотда Пашинян ва икки тарафдори ноқонуний намойишларни, такрорий огоҳлантиришларга қарамай, давом эттиргани учун воқеа жойидан "куч билан олиб кетилгани" айтилди.
Полиция 22 апрель куни ҳам давом этган намойишларни тарқатиш учун шовқин соладиган гранаталардан фойдаланди.
Арманистоннинг собиқ президенти Серж Саркисян бош вазир лавозимини эгаллашига қарши норозилик намойишлари 10 кун аввал бошланган. Шунга қарамай Саркисян 17 апрелда парламент томонидан бош вазир лавозимига сайланди.
2008 йилда президентликка сайланиб, икки ҳафта олдин бу лавозимни тарк этган Саркисян бош вазир сифатида ўз ҳокимиятини сақлаб қолишни режалаштирмоқда.