Арманистонда қарийб 10 кундан бери давом этаётган намойишлар етакчиси Никол Пашинян қўлга олиниши ортидан пойтахт Ереван марказий майдонига 22 апрель куни кечқурун ўн минглаб одамлар норозилик билдириш учун йиғилди.
Пашинян бош вазир Серж Саргсян билан ўтган муваффақиятсиз музокаралардан сўнг 22 апрель кунги намойиш пайтида қўлга олинган эди. Айни пайтда унинг қаерда экани номаълум бўлиб қолмоқда.
Полиция тарқатган расмий баёнотда Пашинян ва икки тарафдори ноқонуний намойишларни, такрорий огоҳлантиришларга қарамай, давом эттиргани учун воқеа жойидан "куч билан олиб кетилгани" айтилди.
Полиция 22 апрель куни ҳам давом этган намойишларни тарқатиш учун шовқин соладиган гранаталардан фойдаланди.
Арманистоннинг собиқ президенти Серж Саргсян бош вазир лавозимини эгаллашига қарши норозилик намойишлари 10 кун аввал бошланган. Шунга қарамай Саргсян 17 апрелда парламент томонидан бош вазир лавозимига сайланди.
2008 йилда президентликка сайланиб, икки ҳафта олдин бу лавозимни тарк этган Саргсян бош вазир сифатида ўз ҳокимиятини сақлаб қолишни режалаштирмоқда.