Арманистонда мухолифат лидери Никол Пашинян 1 майга белгиланган парламент сайловлари арафасида тарафдорларини Еревандаги асосий кўчаларни тўсиш ва оммавий тинч намойишларни давом эттиришга чақирди.
Арманистон парламенти депутатлари 1 май куни Серж Саркисян ўрнига бош вазир сайлаш учун овоз беришга йиғилади.
У ўзининг бош вазир бўлиб сайланганига қарши кўчаларда норозилик намойишлари уюштирилгандан сўнг 23 апрель куни истеъфо берган эди.
Ҳозирда бош вазирликка мухолифат партиясидан депутат Никол Пашинян номзод бўлиши айтилмоқда.
Ҳокимиятдаги Республикачилар партияси матбуот котибига кўра, партия “можаронинг олдини олиш ва мамлакатни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик учун” бош вазирликка номзод кўрсатмасликка қарор қилган.
АҚШ Давлат департаменти 28 апрель куни рўй берган сиёсий қарама-қаршилик билан боғлиқ вазиятни “яқиндан” кузатиб турганини маълум қилди.
Икки ҳафтадан бери оммавий намойишларга бошчилик қилиб келаётган мухолиф партия депутати Пашинян 27 апрель куни Гюмри шаҳрида бўлиб ўтган кўпминг кишилик митинг пайтида “жуғрофий-сиёсий бурилишлар”га йўл қўймасликка ваъда берди.