Пашинян Арманистон бош вазири этиб сайланадими?

Арманистонда мухолифат лидери Никол Пашинян 1 майга белгиланган парламент сайловлари арафасида тарафдорларини Еревандаги асосий кўчаларни тўсиш ва оммавий тинч намойишларни давом эттиришга чақирди.

Унинг 1 майда бўладиган парламент сайловида бош вазирликка ягона номзод бўлиши айтилмоқда.​

Арманистон парламенти депутатлари 1 май куни Серж Саркисян ўрнига бош вазир сайлаш учун овоз беришга йиғилади. У ўзининг бош вазир бўлиб сайланганига қарши кўчаларда норозилик намойишлари уюштирилгандан сўнг 23 апрель куни истеъфо берган эди.

Ўшандан бери бош вазирликка фақат мухолифат партиясидан депутат Никол Пашинян номзод бўлиши айтилмоқда. У Саркисяннинг лавозимидан кетишига сабаб бўлган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошида турибди.

Сўнгги йилларда Арманистонда вужудга келган энг оғир сиёсий танглик ортидан мамлакатнинг ҳокимиятдаги партияси 28 апрель куни бош вазирликка номзод кўрсатмасликка қарор берганини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти 28 апрель куни рўй берган сиёсий қарама-қаршилик билан боғлиқ вазиятни “яқиндан” кузатиб турганини маълум қилди.

Гарчи Республикачилар партияси бош вазирликка номзод кўрсатмаса-да, барча номзодларни ўрганиб чиқишини ва уни ёқлаб ёки қарши бирга овоз беришини айтди, деди унинг матбуот котиби Эдуард Шармазанов.

Партия номзод кўрсатмагани билан унинг айрим аъзолари бош вазирлик учун курашга қўшилиши мумкин. Саркисян истеъфога чиққандан сўнг бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланганКарен Карапетян ҳам Республикачилар партияси аъзосидир.

Норозилик намойишчилари раҳбари Пашиняп 28 апрель куни Ванадзор шаҳрида бўлиб ўтган митингда билдиришича, Карапетяннинг бош вазирликда қолишига йўл қўйиб бўлмайди.

Республикачилар партияси 105 ўринли парламентда 58 нафар депутатга эга, улар қўллаб-қуввтламаса, Пашиняннинг бош вазир этиб сайланиши даргумон. Аммо парламентда иккинчи кўп ўринга эга Арманистон Тараққиёт партияси Пашинянни қўллашини билдирди.

Арманистондаги жорий сиёсий танглик Саркисяннинг 10 йил президент бўлгандан сўнг ижроия ҳокимиятнинг барча ваколатларига эга бош вазирлик лавозимини эгаллагани сабаб бўлди.

Чунки у икки муддат ппрезидентликни ўтаб бўлгач ҳам ҳокимиятга ёпишиб олиб, энди мамлакатни бош вазир сифатида бошқармоқчи бўлгани оммавий норозиликларни келтириб чиқарди.

Икки ҳафтадан бери оммавий намойишларга бошчилик қилиб келаётган мухолиф партия депутати Пашинян 27 апрель куни Гюмри шаҳрида бўлиб ўтган кўпминг кишилик митинг пайтида “жуғрофий-сиёсий бурилишлар”га йўл қўймасликка ваъда берди.

Гюмри Арманистониннг иккинчи йирик шаҳри бўлиб, у ерда Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган. Шунинг учун Пашинян нима учун бундай баёнот берганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки бугунги кунда ҳеч бир арман сиёсатчиси Россия билан алоқаларни бузишдан манфаатдор эмас.

Пашинян ўша куни кечқурун 10 мингга яқин киши йиғилган митингда гюмриликларга қарата мана бундай деди: “Фақат битта йўл бор: мени ўз номзодларингиз сифатида Арманистон бош вазири этиб сайланглар”.

Мухолиф сиёсатчига кўра, унинг раҳбарлигида Арманистон КХШТдан ўзи ва Тоғли Қорабоғ учун “самаралироқ ва жиддий кафолат олиш” йўлида иш олиб боради.

Пашинян 2014 йил декабрида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан Арманистон ўртасидаги шартномани парламентда тасдиқлашга қарши овоз берган етти депутатнинг биридир. Ўтган йили Пашинян бошлиқ Фуқаролик шартномаси ва яна иккита мухолиф сиёсий партия кирувчи Йелк альянси Арманистоннинг Россия етакчилигидаги иттифоқдан чиқишини талаб қилган эди.