Арманистонда мухолифат етакчиси Никол Пашиняннинг номзоди бош вазирликка кўрсатилди. Унинг номзодини парламентдаги “Елк” фракцияси тасдиқлади.
Пашиняннинг номзодини олдинроқ “Ривожланаётган Арманистон” ва “ Дашнакцутюн” фракциялари тасдиқлаган эди.
Мухолифатдаги бу 3 партия парламентда 47 жойга эга. Бош вазир этиб сайланиши учун Пашинян 53 овоз олиши керак. Парламентдаги 58 ўрин етакчи Республикачилар партиясига тегишли. Республикачилар ҳозирча ўз номзодини кўрсатгани йўқ.
Арманистондаги норозилик намойишлари лидери Никол Пашинян 29 апрелда парламентдаги барча муҳолифат партияларининг қўлловига эга бўлгани ҳамда ҳукмрон Республика партияси вакиллари билан учрашув ўтказгани ортидан ўзининг бош вазир лавозимига сайланишига ишончи комил бўлганини билдирган эди.
Лекин унинг тарафдорлари Пашинян бош вазир лавозимига сайлангунига қадар майдонда қолишларини билдирмоқдалар.
-Менича, бугун биз асосий мақсадимизга етдик, негаки барча асосий партиялар Карапетянни бош вазирликка номзод сифатида кўрсатишдан воз кечгани бизнинг ғалабамиздир. Лекин шунга қарамай, биз курашни давом эттиришимиз лозим, деб ҳисоблаймиз,-деди намойишга чиққан талабалар лидери Давид Петросян.
Арманистон парламенти 1 май куни бош вазирни сайлаши кутилмоқда. Аввалги бош вазир Серж Саргсян 11 кун давом этган норозлик намойишлари ортидан 23 апрель куни истеъфо беришга мажбур бўлган эди.
Лекин шундан сўнг ҳам намойишлар тўхтагани йўқ. Майдонга йиғилганлар Пашиняннинг бош вазир этиб сайланишини талаб қилмоқда.