Мирзиёев: Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилди (АУДИО)

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилади. Бу ҳақда 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан учрашувдан сўнг ўтказилган бирфингда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилди

“Биз бу масалани президент Эрдўғон билан узоқ муҳокама қилдик. Ўзбекистон байроғи ташкилотга аъзо бошқа давлатлар байроқлари қаторидан ўз жойини эгаллайди. Ўзбекистон Бишкекда ўтадиган кейинги йиғилишда иштирок этади. Бу ўта муҳим ва буюк қарор", — деди Шавкат Мирзиёев.

1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти ташкилот йиғинларидан бирортасида иштирок этган эмас.

Кенгашга аъзо бўлган Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон 2013 йилнинг августида Бокуда бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон ва Туркманистонни ҳам ташкилотга аъзо бўлишга чақирган эди.

Мазкур ташкилот Туркий тилли мамлакатлар маданиятини сақлаб қолиш ва ўзаро сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида тузилган.