Арманистон парламенти Николь Пашинянни бош вазирликка сайламади. Унинг номзоди учун 45 депутат овоз берди. Бош вазирликка сайланиш учун Пашинян камида 55 овозга эга бўлиши лозим эди. Бунинг ортидан мухолифат лидери ўз тарафдорларини 2 май куни ҳукуматга бўйсунмаслик акциясини бошлашга чақирди.
1 май куни парламентда ўтган овоз бериш жараёнидан сўнг ўзининг минглаб тарафдорлари олдида чиқиш қилган Пашинян ишчиларни иш ташлашга, ўқувчи ва талабаларни ўқув жараёнини тўхтатишга даъват этди.
Мухолифатчи депутат Пашинян 11 кун давомида уюштирган кўп минг кишилик норозилик митинглари оқибатида Арманистонни 10 йилдан кўпроқ давомида президент сифатида бошқариб келган Серж Саргсяан 23 апрель куни бош вазирликдан истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Николь Пашинян шундан сўнг бош вазирликка номзод сифатида фақат ўзини кўраётганини билдирган. Унинг минглаб тарафдорлари Ереван марказий майдонига йиғилиб, Пашинянни бош вазирликка сайлашни талаб қилишда давом этмоқда.