“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “хароб” доллар учун банклар томонидан комиссия олинишига қарши петиция рўйхатдан ўтган.
Петиция муаллифига кўра, хорижлик, хусусан, Осиё давлатларидан келган сайёҳлар валюта қабул қилиш шохобчалари устида муҳри, штампи ёки тешиги бўлган купюраларни нима учун қабул қилмай, уларни 5 фоиздан 20 фоизгача комиссия эвазига алмаштириш учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига йўллаётганидан боши қотаяпти.
“Банк тизимимиз Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Афғонистон, Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатларда бу штамп ва муҳрлар купюралар ҳақиқийлигининг белгиси эканини англаши лозим. Бу мамлакатлардан келган сайёҳларнинг қарийб барчаси ноқулайликларга дуч келмоқда”, дейилади петицияда.
Podrobno.uz нашри айни муаммога ўзбекистонликларнинг ўзларига ҳам дуч келаётганига эътибор қаратади. Нашрга кўра, кўп йиллар мобайнида валютани фақат “қора бозор”дан сотиб олган ўзбекистонликлар уларнинг эски-янгилигига қарамай сотиб олаверганлар, бу пуллар ҳар хил шароитда сақланган.
Валюта бозори либераллашганидан кейин банклар “кўҳна” долларларни қабул қилишдан бош торта бошлаган. Бу муаммодан қутулишнинг ягона йўли ҳозирча фақат эски доллар учун комиссия тўлаш бўлиб турибди.
Нашр ўзбекистонликлар банклардан пул ўтказмаларини олиш чоғида ҳам ана шундай долларга эга бўлиб қолиш мумкинлигини, эртаси шу банкнинг ўзи мазкур купюраларни комиссиясиз олишга рози бўлмаслигини урғулайди.