Наманган шаҳри “Қадамжо” маҳалласида яшовчи Абдуллажон ота Йўлдошев Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, орденлар олганига қарамай, уруш фахрийларига кўрсатиладиган моддий ва маънавий рағбатлардан бебаҳра қолмоқда (“Даракчи”, 24 май). 1919 йилда туғилган отахон 1939 йили Коварейский полкида ҳарбий хизматни ўтаган, хизмат тугамасидан биринчилардан бўлиб урушга юборилган ва 2-ўқчи полкида жанг қилган. 1941 йилнинг июнида оёғидан яраланиб, даволанишга қайтарилган. А.Йўлдошев 1948 йилда ҳарбий комиссариат рўйхатига олинган, ўтган йиллар давомида орден ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Аммо кейинги йилларда ҳукумат томонидан уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан Абдуллажон ота бебаҳра қолаяпти. Отахоннинг фарзандлари турли идора ва ташкилотларга мурожаат қилган, аммо мутасаддилар ушбу ҳолатга масъулиятсизлик билан қарамоқда.