Тошкентдаги барча туман ҳокимлари ҳоким вазифасини бажарувчи этиб қайта тайинланди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгдан биринчи) 23 апрель куни Тошкентда Ашхобод боғининг очилишида президентларга ҳамроҳлик қилган.

Тошкент шаҳридаги 11 туман ҳокимидан 10 нафари 6 июнь куни бир вақтда лавозимидан озод этилган ва шу вақтнинг ўзида ўз туманларига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб қайта тайинланган.

“Кун уз” нашрининг билдиришича, бундай қарор Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан қабул қилинган.

Хабарда айтилишча, фақат Шайхонтоҳур тумани ҳокими Баҳодир Ғоибназаровга ариза ёздирилмаган. У 2017 йилнинг декабридан буён туман ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келмоқда.

Хабарда Тошкент шаҳар ҳокимининг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлгани, бунинг ортида қандай мақсад тургани айтилмаган.

2018 йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳрига олти йил давомида ҳокимлик қилган Раҳмонбек Усмонов бошқа ишга ўтказилди ва унинг ўрнига Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган эди.