Қирғизистон ниҳоят туркий давлатлар саммитини ўтказадиган бўлди, Ўзбекистон биринчи марта иштирок этади

30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг  президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини билдирган.

Қирғизистонда Турк тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитига тайёргарлик кўриш ишлари бошланди. Бу тўғридаги фармонни президент Сўўрўнбай Жээнбеков 21 июнь куни имзолади. Фармонда белгиланишича, саммит 3 сентябрь куни Чўлпонота шаҳрида ўтказилади.

Қирғизистон Турк тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитини 2015 йилда ўтказиши лозим эди. Бироқ бу тадбирни ўтказиш шу кунгача ҳар йили қолдирилиб келинган эди. Ҳукумат бунинг сабабларини айтган эмас.

2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини ва Бишкекда ўтадиган саммитда иштирок этишини билдирган.

1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.