Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитида иштирок этиши маълум бўлди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Иссиқкўл вилояти Чўлпон ота шаҳрида 21 июль куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.
Урашувда, жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитида иштирок этиш учун Қирғизистонга амалга оширадиган ташрифи ҳам муҳокама қилинган.
Саммит 3 сентябрда Чўлпронота шаҳрида бўлиб ўтади. Мазкур саммитда Ўзбекистон президенти биринчи маротаба иштирок этади.
2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.
1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.
Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.