АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия ҳукумати америкалик пастор Эндрю Брансонни уй қамоғидан озод этмаса, Анқарага нисбатан катта санкцияларни жорий этишини билдирди.
Бу ҳақда Твиттер саҳифасида ёзган Трамп пасторни “Буюк насроний, оилапарвар ва ажойиб одам”, деб атади.
Аввалроқ бу борада вице-президент Майк Пенс ҳам гапирган эди:
-Туркия президентига ва ҳукуматига мен АҚШ президенти номидан мужда йўллайман: Пастор Эндрю Брансонни озод қилинг. Агар Туркия уни озод қилмаса, АҚШ Туркияга нисбатан сезиларли санкцияларни жорий қилади,-деди Пенс.
Туркияда 18 июлда насроний уламо Эндрю Брансон террорчилик ва жосусликда айбланиб қамоққа олинган эди. АҚШ босими остида у 25 июлда уй қамоғига чиқарилган.
Йигирма йилдан кўпроқ вақт Туркияда истиқомат қилаётган пастор ислом уламоси Фатҳулло Гуланга 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтаришини уюштиришда кўмаклашганликда айбланмоқда.