АҚШни нафақат Туркия¸ балки Хитой¸ Европа¸ Россия ва Эронни иқтисодий нишонга олганликда айблаган Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон туркияликларни Америка электроника маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди:
- Биз Америка электроника маҳсулотларини бойкот қиламиз. Агар уларнинг iPhoneлари бўлса¸ бошқа жойда Samsung бор. Бизда эса¸ Vestel Venusимиз бор¸ деди 14 август куни Анқарада ўтказилган йиғилишда гапирган Эрдўғон.
10 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп америкалик пасторни қамоқдан озод қилиш сўровини бажармаган Туркияга нисбатан иқтисодий санкция жорий қилди ва турк пўлати ва алюминийи импорти тарифларини икки маротаба оширди.
Бунинг ортидан турк лираси кескин қадрсизланиб¸ долларга нисбатан рекорд даражада арзонлади.
Марказий банк турк лирасини қувватлаш учун фавқулодда чоралар қўлланишини билдирганига қарамай¸ лира қурби заифлигича қолмоқда.