Москвада яна бир қирғизистонлик террорчиликда гумонланиб, сиртдан ҳибсга олинди

Мазкур жиноят иши юзасидан юзлаб меҳнат муҳожири тергов қилинди

Санкт-Петербург метросида 2017 йил апрелида амалга оширилган портлашга алоқадорликда гумон қилинаётган қирғизистонлик Сирожиддин Мухторов Москва шаҳар, Басманний туман судининг 23 август кунги қарори билан 2 ойга сиртдан ҳибсга олинди.

Судья Елена Ленскаяга кўра, қирғизистонлик Сирожиддин Мухторовга нисбатан тайинланган икки ойлик ҳибс муддати у қўлга олинадиган кундан бошлаб ҳисобланади.

РИА "Новости" хабарига кўра, Мухторовга террорчилик актини уюштириш, ноқонуний тарзда қурол-яроқ ва портловчи моддаларни ясаш ҳамда террорчилик фаолиятига кўмаклашиш моддалари асосида айблов қўйилди.

- Тергов даъвоси қондирилсин ва Мухторовга эҳтиёт чораси сифатида сиртдан икки ойга қамоққа олиш қарори чиқарилсин, дея қарорни ўқиди судья Елена Ленская.

Аввалроқ Петербург метросини портлатишга Сурияда жанг қилаëтган ва Абу Салоҳ номи билан танилган ўшлик Сирожиддин Мухторов буйруқ бергани иддао қилинган эди.

Россия Тергов қўмитаси Сирожиддин Мухторовни 12 та жиноят, жумладан террорчилик, портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш ва ясаш, террорчилик ташкилотига аъзолик ва шунга ўхшаш бошқа оғир жиноятларни содир этганликда гумон қилмоқда.

Маълум бўлишича, Мухторов устидан жиноят иши 2017 йилнинг 17 июлида қўзғатилган. Терговчилар исбот-далил сифатида “гувоҳлар кўрсатмалари”га таянаётгани маълум қилинганди.

Сирожиддин Мухторов ва ушбу жиноий иш юзасидан қидирувга берилган Бобиржон Маҳбубовга эълон қилинган моддалар асосида 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

"Абу Салоҳ" ё Сирожиддин Мухторов ким?

Интерпол сайтидаги маълумотга биноан, Мухторов 1990 йилда туғилган Қирғизистон республикаси ватандошидир.

Қирғизистон кучишлатар идоралар 28 ёшдаги Сирожиддин Мухторов Ўш вилояти Қорасув туманидаги Қашқарқишлоқда яшаганини тасдиқлаган.

Сирожиддин Мухторов қўмондонлик қилаётган “Тавҳид вал Жиҳод катибаси” 2017 йилнинг 17 мартида Ўш шаҳар суди қарори билан Қирғизистонда фаолияти тақиқланган экстремистик гуруҳ сифатида рўйхатга олинган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси уни 2016 йилнинг 30 августида Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида содир этилган террорчилик актига алоқадорликда гумонлаб келади.

Суд давомида иккала жиноий иш юзасидан тергов муддати жорий йилнинг 3 октябригача этиб тайинланди.

2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросидаги портлашни келиб чиқиши Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган Россия фуқароси 22 ёшли “худкуш Акбаржон Жалилов содир этгани” иддао қилинган эди. Бу ишга алоқадорликда айбланиб, миллати ўзбек бўлган жами 11 одам қамоққа олинган.

Портлаш оқибатида 16 одам ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам жароҳатлданган.

Орадан бир йил ўтган бўлса ҳам бирорта гуруҳ расман мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эмас.

Озодлик мазкур иш тергови саноқсиз қонун бузилишлари, айбланувчиларнинг қийноқларга солингани билан бирга олиб борилаётгани тўғрисида кўп маротаба хабар берган.