Президент Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекка келади. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Комил Рашидов матбуот анжуманида маълум қилди.
Аввалроқ 3 сентябрда Чўлпонота шаҳрида Туркий тилли давлатлар саммити бўлиб ўтиши ва мазкур саммитда Ўзбекистон президенти биринчи маротаба иштирок этиши хабар қилинган эди.
2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.
1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.
Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.