Ўзбекистон Жиноят кодексига тиламчилик қилган одамларни жазога тортиш бўйича ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида муҳокама учун эълон қилинди.
Қонун лойиҳасига асосан Жиноят кодексининг тиланчилик тўғрисидаги 127-1 моддасига ўзгартириш киритилади. Тиланчилик қилгани учун аввал маъмурий жазога тортилган шахс қайта қўлга олинганда 360 соатгача жамоат ишларига жалб қилинади ёки бир йилдан уч йилгача эркинлиги чекланади ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Тиланчиликка балоғатга етмаган болаларни, кекса одамларни, руҳий касалларни, ногиронларни жалб қилиш, алкоголь ичимликларни ёки шахснинг иродасини синдирувчи моддаларни истеъмол қилишга мажбурлар орқали тиланчикка жалб қилиш 360 соатдан 480 соатгача жамоат ишлари ёки уч йилдан беш йилгача эркинликни челаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан махрум этиш билан жазоланади.
Бошқалар билан тил бириктирган ҳолда бошқа бир шахсни наркотик ёки психотроп моддаларни истеъмол қилдириб ёки таҳдид қилиб тиланчиликка мажбурлаган шахслар эса беш йилдан саккиз йилгача қамалади.