Британия БМТ Хавфсизлик кенгашида Россияни "Новичок" газини қўллаганини тан олишга чақирди

оссиялик Александр Петров ва Руслан Бошировлар ГРУ ходимлари экани тахмин қилинмоқда.

Британия ўз иттифоқчиларининг қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда БМТ хавфсизлик кенгашининг 6 сентябрда ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишида Россияни кимёвий қурол қўллагани учун кескин танқид қилди. Йиғилишда Британия Россияни “мазкур жиноятни исботловчи ишончли далилларни рад этмаслик”ка чақирди.

Британиянинг БМТдаги элчиси Карен Прайс россиялик Александр Петров ва Руслан Бошировлар Британиянинг Солсбери шаҳрида “Новичок” газини ГРУнинг собиқ агенти Сергей Скрипаль ва унинг қизига қарши қўллагани “етарлича исботлангани”ни маълум қилди.

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензия эса мазкур айбловни инкор қилди ҳамда Британиянинг иддаоларини “асоссиз, соҳта маълумотлардан иборат фактлар коктейли”, деб атади.

Президент Путиннинг матбуот котиби ҳам Кремль номидан бу айбловларни инкор этди.

Британиянинг Солсбери шаҳрида Россия разведкасининг собиқ ходими Сергей Скрипаль ва қизи Юлия 4 март куни ҳушсиз ҳолда топилган эди. Кейинроқ улар Совет даврида ишлаб чиқилган асабни фалажловчи "Новичок" газидан заҳарлангани хабар қилинган эди.

Бундан ташқари Уилтшир туманида яшаган ва Британия фуқаролари бўлган 44 ёшдаги аёл ҳамда 45 ёшдаги эркак Солсбери шаҳридан 11 километр масофада жойлашган Эймсбери шаҳрида 30 июль куни беҳуш ҳолда топилган эди. 2 июлда якунланган текширувлар натижасида улар “Новичок” газидан заҳарлангани аниқланган.

Сергей Скрипал – ГРУнинг собиқ ходими, Россияда Британия разведкаси фойдасига хоинликда айбланиб, қамалган. 2010 йилда у авф этилган ва АҚШ-Буюк Британия фойдасига жосусликда айбланган бошқа россияликлар қаторида алмаштирилган.