Россия президенти Владимир Путин Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни Новичок гази билан заҳарлаганликда гумон қилинаётган Александр Петров ва Руслан Боширов, Британия иддао қилаётганидай, рус ҳарбий разведкаси ходимлари эмас, оддий фуқаролар эканини билдирди:
-Биз, албатта, бу одамлар ким эканини аниқладик. Уларни топдик. Умид қиламанки, улар жамоатчиликка кўриниш бериб, ўзлари ҳақида гапириб беришади. Бу ерда ҳеч қандай ўзгачалик ёки жиноят йўқ,-деди Путин 12 сентябрда Владивостока ўтган иқтисодий форум доирасида журналистлар саволларига жавоб берар экан.
Путиннинг бу баёнотидан сўнг Британия бош вазири Тереза Мэйнинг матбуот хизмати Лондоннинг Скрипалларнинг заҳарланиши юзасидан Москвадан тушунтириш олиш ҳаракатларига «ёлғон жавоблар» бериб келинаётганини билдирди.
Россия Скрипалларнинг заҳарланишига алоқадор эканини инкор этиб келади. Мазкур воқеа Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштирган.
Британия прокуратураси россиялик Александр Петров ва Руслан Бошировлар Британиянинг Солсбери шаҳрида “Новичок” газини ГРУнинг собиқ агенти Сергей Скрипаль ва унинг қизига қарши қўллаганликда айбламоқда.
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Британия парламентида қилган чиқишида асл исмлари бошқа бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётган бу шахслар Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) офицерлари эканини хабар қилди.
Сергей Скрипал – ГРУнинг собиқ ходими, Россияда Британия разведкаси фойдасига хоинликда айбланиб, қамалган. 2010 йилда у авф этилган ва АҚШ-Буюк Британия фойдасига жосусликда айбланган бошқа россияликлар қаторида алмаштирилган.