Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Парижда Франция раҳбари Эммануэль Макрон билан музокаралар ўтказади.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, музокаралар кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва молиявий соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш, турли тармоқларда инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашувларни фаоллаштириш масалалари ўрин олган.
Учрашувлар якунида ҳукуматлараро ва идоралараро 10 дан ортиқ ҳужжат, жумладан, иқтисодиёт, молия, транспорт, туризм, экология, маданият ва санъат соҳаларида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланиши кўзда тутилган.
Президент Мирзиёев 8 октябрь куни расмий ташриф билан Францияга келди. Шу куни у БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Бош директори Одри Азуле ва Франция Сенати Раиси Жерар Ларше, шунингдек, Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашади.
Бу Ўзбекистон раҳбарининг бу давлатга сўнгги 22 йил ичидаги биринчи расмий ташрифидир. Сўнгги бор, марҳум президент Ислом Каримов 1996 йилда Францияга борган.
Ўзбекистон расмий матбуоти Парижда умумий қиймати 4 млрд. еврога тенг шартномалар имзоланади, деб хабар қилмоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми эса, расмий маълумотга кўра, 251 млн. долларга тенг.