Қорақалпоғистонда XII асрга оид мақбара бузиб ташланди

Шамун набий мақбараси (сурат Ўзбекистон туризм портали - uzbekistan.travel дан олинди).

Қорақалпоғистон ўрта аср меъморчилигининг хос обидаларидан бири бўлган Шамун набий мақбарасидан айрилди.

“Новости Узбекистана” нашрининг ёзишича, маҳаллий расмийлар бу кўҳна обидани таъмирламоқчи бўлганлар. Бироқ таъмирлаш чоғида улар хароба бинони бузиб, ўрнига янгисини тиклашга қарор қилганлар.

Қорақалпоғистонлик археолог, тарих фанлари номзоди Октябрь Дўспанов қадимий обида шу йил ёзида тўла вайрон қилиниб, ўрнига янгиси тикланганини айтган.

“Бу 12 асрда қурилган уникал мақбара эди. Археологлар уни 1964 йили Нукус яқинидаги Миздахон мозористонида қазиш ишлари олиб бораётган пайтда топгандилар. Бино узига хос шаклда қурилган – бинода етти гумбаз ва ҳар бири Маккага қараган етти дарча бор эди. Қабрлар оссуарийни эслатар, дарвозалар ўтов эшигига ўхшар, меҳроб эса нилуфаргул шаклида бино қилинганди. Обида ажойиб бир йўсинда тўрт буюк маданият, тўрт дин – насронийлик, ислом, буддавийлик ва зардуштийликни жамлаганди. Бу жуда нозик фалсафа, тоқатлилик рамзи, келажак наслларга ўгит эди”, деган Октябрь Дўспанов.

Қорақалпоғистонлик тарихчига кўра, маҳаллий зиёлилар Шамун набий мақбараси бузилишига қарши чиқмоқчи бўлганларида уларга “таъмир” учун берилган ҳужжатлар дастасини рўкач қилганлар.

Мазкур рухсатномалар Республика Маданият вазирлиги томонидан берилган. Қадимий обидани “янгилаш” ишларига Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги маданий мерос обидаларини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Қуамиш Шарипов раҳбарлик қилгани айтилмоқда.