Украинадан қандолат маҳсулотлари импорти қайта тикланди

17 декабрдан бошлаб Ўзбекистон божхонаси Украинада ишлаб чиқарилган товарлар, шу жумладан, қандолатчилик маҳсулотларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишни тўлиқ қайта тиклади.

Бу ҳақда "Укркондпром" расмий сайтига таяниб, kun.uz хабар қилди.

"Шу нарсани маълум қилмоқчимизки, Ўзбекистон бозори Украина ширинликлари учун яна қайта очилди. Экспортчилардан ҳозирги вақтда товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилаётгани ҳақида маълумот олдик", - деб баёнот берган "Укркондпром" президенти Александр Балдинюк.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бозори Украина қандолат фабрикалари учун жуда муҳим, айниқса ҳозир, Янги йил байрами арафасида.

Унинг қайд этишича, бу даврда Ўзбекистон бозорига кириш имкониятининг йўқ бўлиб қолгани Украина экспортчиларига сезиларли зарар етказиши мумкин эди.

Аввалроқ Ўзбекистон Украинадан шакар импортини тиклагани хабар берилганди.

Ноябрь ойининг ўрталаридан бошлаб Украинадан Ўзбекистонга юборилган шакар ва бошқа юкларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тўхтатилганди.