Тошкент вилоятининг Зангиота туманида беш нафар вояга етмаган бола ис газидан заҳарланиш ортидан вафот этди.
Бош прокуратуранинг 3 январда маълум қилишича, бу воқеа 2018 йилнинг 29 декабрида юз берган.
Зангиота туманидаги Бўзсув қишлоғи Ўрикзор маҳалласи Олмазор кўчасида 2003, 2006,2009,2013 ва 2014 йилда туғилган болалар қўлбола усулда ясалган печкадан чиққан ис газидан заҳарланган ва вафот этган.
“Мазкур воқеа юзасидан «Зангиотатумангаз» филиали мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.
Ҳар йили қиш мавсумида Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш оқибатида одамларнинг вафот этиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.
Масалан, Озодлик радиоси 2018 йил ноябрь ойининг бошларида Тошкентда бир ҳафта ичида 7 киши ис газидан заҳарланиб ўлгани, улардан 4 нафари болалар экани ҳақида ёзган эди.
2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида, расмий маълумотларда айтилишича, Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб вафот этган, 54 одам эса жабрланди.
2017 йилда ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони 83 нафарни, жабрланганлар сони 110 нафарни ташкил этган.