Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди. Бу борадаги “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни президент Мирзиёев 28 январь куни имзолади.
Президентнинг 29 январда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида эса янги вазирликнинг устивор вазифалари белгилаб берилди.
Қарорга асосан вазирлик ҳузурида Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Технологик ривожланиш агентлиги ташкил этилади.
Қарорда белгиланишича, 2019 йил 1 июлдан бошлаб инвесторлар билан ўзаро алоқалар “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилади.
Мазкур хизмат доирасида салоҳиятли инвесторларга консультация бериш, уларнинг давлат хизматларидан фойдаланиши, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига уланишида ёрдамлашиш, шунингдек, инвестиция шартномаларини тузишда кўмаклашиш борасидаги ишлар бажарилади.
Вазирлик икки ой муддатда инвесторлар билан “ягона дарча” тамойили асосидаги ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини ишлаб чиқиши лозим.