Президент Шавкат Мирзиёев Германия, Франция, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан икки томонлама ҳамкорликка оид “йўл харита”ларининг ижроси бўйича махсус йиғилиш ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 4 февраль кунги йиғилишда президент инвестицияга масъул раҳбарлардан "йўл харитаси"га тушган лойиҳаларни "сўзсиз ижро этиш"ни сўраган.
"Инвестиция билан шуғулланувчи кадрлар етишмайди. Инвесторлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш зарур. Шу боис бу соҳа бўйича ҳали яна кўп ишлашимиз, изланишимиз керак. Ташқаридан инвестиция кирмаса, мамлакат ривожланмайди", дея иқтибос келтирди президент Шавкат Мирзиёевдан матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон билан Германия, Франция, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида умумий қиймати 14 миллиард АҚШ доллардан ортиқ бўлган манфаатли шартнома ва келишувлар имзоланган.
Ўзбекистонда 2019 йилнинг президентнинг таклифи билан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинган.