Вазирлар Маҳкамаси 7 февраль куни умрбод ойлик тўлов оладиган спортчилар рўйхатини янгилади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 12 февраль куни хабар берди.
Янги рўйхатга 57 нафар ўзбекистонлик олимпия ва паралимпия ўйинлари ғолиблари киритилди.
Рўйхатда биринчи рақам остида 1964 йилда Токиода ўтган ХVIII ёзги Олимпия ўйинларида сузиш бўйича бронза медални қўлга киритган Светлана Бабанина, 57 рақам остида эса Бразилиянинг Рио-Де-Жанейро шаҳрида 2016 йилда ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг ўқ отиш мусобақаларида бронза медални қўлга киритган Сервер Ибрагимов ўрин олган.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 10 августдаги «Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорига асосан олимпия ва паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари учун умрбод ойлик тўловлар тўлаб борилади.
Спортчилар олтин медаль учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари, кумуш медаль учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари, бронза медаль учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида умрбод ойлик оладилар.
Спортчи Ўзбекистон фуқаролигидан чиқса ёки мусобақада бошқа давлат номидан иштирок этса, бутунжаҳон антидопинг ташкилоти (WADA) томонидан тақиқланган дори воситалари қўллагани аниқланиб, олимпия ва паралимпия ғолиб ва совриндорлигидан маҳрум этилса, суд қарорига мувофиқ озодликдан маҳрум этилса, вафот этса умрбод ойлик тўлов тўхтатилади.