Осиё Олимпия кенгаши президенти шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабаҳ Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш имкониятларини ўрганиш мақсадида 24 февраль куни Тошкентга икки кунлик ташриф билан келди.
Делегация таркибида Ал-Сабаҳдан ташқари Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ва Осиё Олимпия кенгаши котиби Льюсен Альварез ҳам бор.
Миллий Олимпия қўмитасининг билдиришича: “Мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида AIBA президенти Ғофур Раҳимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, спорт мутасаддилари ҳамда ОАВ ходимлари кутиб олди”.
Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинларини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказиш бўйича Осиё Олимпия кенгашига ариза топширган. 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш учун Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин ҳам даъвогарлик қилмоқда.
“Осиё ўйинларини ўтказиш ва қабул қилиш – йирик лойиҳа ҳисобланади. Ташкилотчилик масалаларида ўзига яраша янгиликлар ва бошқа жиҳатлар мавжуд. Мусобақа учун спорт иншоотларини қуриш, Олимпия шаҳарчаси, логистика, қулай транспорт маршурути, юқори савиядаги тадбирларни ташкил қила олиш, трансляция ва бошқа масалалар шулар жумласидандир. Учрашув давомида айнан шу каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилади”, дейилади хабарда.