Швеция прокурорлари "ўзбек иши"да айбланган Telia собиқ раҳбарлари устидан чиқарилган ҳукмни апелляцияга берди

TeliаSonera ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг суд айбсиз топган уч айбланувчидан бири.

Швеция прокуратураси акцияларининг 37 фоизи ҳукуматга қарашли бўлган Telia (эски номи TeliаSonera) собиқ раҳбарларининг айбсиз деб топилгани ҳақидаги Стокҳольм суди ҳукми устидан апелляция киритди.

Бу ҳақда 8 март куни Швеция прокуратураси расмий баëнот чиқарди.

2007-2010 йилларда Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун ўшандаги президентнинг қизи Гулнора Каримовага қарaшли оффшор ширкатларига 350 миллион доллардан кўпроқ пора берганликда айбланган Telia ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг¸ ширкатнинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари ва Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туималар¸ маҳкаманинг 15 февраль кунги ҳукми билан¸ гумон қилинган жиноятларда айбсиз деб топилди.

Ҳукмга берилган изоҳга кўра¸ пора деб аталган юзлаб миллион доллар берилган йилларда швед қонунчилигига кўра¸ у ëки бу давлат расмийсига пул ëки бошқа нарса беришгина коррупция ҳисобланган ва айблов томони маҳкама давомида Гулнора Каримованинг давлат расмийси бўлганини шубҳа қолдирмайдиган даражада исбот қила олмаган.