Тўққизта банк валюта биржаси савдоларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди

Марказий банк биноси.

Ўзбекистондаги тўққизта банк валюта қонунчилигини мунтазам бузиб келгани оқибатида Республика валюта биржаси савдоларида иштирок этиш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки маълум қилди.

Хабарда айтилишича, “Ҳамкорбанк”, “Туркистон”, “Хайтек банк”, “Универсал банк”, «Инвест финанс банк», “Ипак Йули Банк “, “Савдогарбанк”, “Траст банк”, ва “Азия Альянс банк” аввал ҳам валюта қонунчилигини бузаётгани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

Мазкур банклар 2018 йил мобайнида ва 2019 йилнинг уч ойида 31 марта жаримага тортилган. Улардан ундирилган жарима миқдори 2,5 миллиард сўмни ташкил қилган.

Марказий банк номи зикр этилган банклар валюта биржасидан ташқарида валюта олди-сотдиси операцияларини бажаришда давом этишини ҳам билдирди.

Бу банклар мижозларнинг ҳориж валютасини сотиб олишга бўлган талабини қондириши шарт. Акс ҳолда, мижозлар банк устидан Марказий банкка шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.