Вилоят прокуратураси бу ҳақдаги маълумотномасини Озодликка Бош прокуратура матбуот хизмати тақдим этди.
Прокуратура маълумотномасида айтилишича, Хоразм вилояти, Шовот туманининг Туркманистон Республикаси билан чегараси ҳудудига яқин жойда жойлашган, “Уста ҳунарманд” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг уй ҳайвонларига 2019 йил 7 март кунидан бошлаб ёввойи ит ҳужум қилиб келаётганлиги аниқланган.
Шовот туман ИИБ томонидан олиб борилган суриштирув давомида 2019 йил март ойининг бошидан буён Туркманистон Республикаси чегарачилари томонидан чегарадаги бетараф ҳудудни қамишзорлардан тозалаш мақсадида ўт қўйилиши натижасида қамишзорлар орасида яшаб келган ёввойи итлар Шовот туман ҳудудига ўтиб фуқароларнинг қаровсиз қолдирилган уй ҳайвонларига ҳужум қилаётганлиги маълум бўлган.
Жумладан, жорий йилнинг март ойи бошидан буён мазкур ёввойи итлар фуқаро Д.Курбановнинг бир бош эчкисига, фуқаро А.Каримовнинг бир бош қўйига, фуқаро М.Қурязовнинг бир бош қўйига ҳужум қилиб жароҳат етказиб нобуд қилган.
Ушбу ёввойи итларга фуқаро Р.Сабиров томонидан қўлбола усулда ясалган темир қопқон қўйилиши натижасида 2019 йил 16 март куни тунги соат 03.00 ларда ёввойи итлардан биттаси қопқонга тушиб ўлган.
Қопқонга туширилиб ўлдирилган ёввойи итнинг ранги қорамтир кулранг.
“Фуқаро Р.Сабиров ушбу ёввойи итни қопқонга туширган вақтида улар иккита бўлган, ҳайвонларнинг иккинчиси оқ рангда бўлиб, қочиб кетганлигини билдирган. Ҳозирги кунда юқоридаги ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган Хоразм вилоят прокуратураси маълумотномасида.
Озодлик 23 март куни Хоразм вилоятининг Шовот тумани Беруний қишлоғи “Уста Ҳунарманд” маҳалласи вакилларидан олинган маълумотларга таяниб, сўнгги бир ҳафта ичида номаълум йиртқич ҳайвон йигирмага яқин қўйни бўғизлаб кетгани тўғрисида хабар берган эди.