Тошкент шаҳар Юнусобод туманининг 400 минг доллар пора билан қўлга тушган собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан суд жараёни бошланди. Олий суднинг 3 апрель куни хабар беришича, жараён Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилмоқда.
Расмий маълумотда айтилишича, собиқ ҳоким билан биргаликда ишсиз Ўлмас Муҳамедсаидов ва Туризмни ривожлантириш қўмитаси «Миллий PR-маркази» бош директори лавозимида ишлаган Шохруҳ Маликов ҳам судланмоқда.
Бахтиёр Абдусаматов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш), Ўлмас Муҳамедсаидов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш), Шохруҳ Маликов эса Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан айбланмоқда.
43 яшар Бахтиёр Абдусаматов 2018 йилнинг 7 сентябрида сармоядорга ер майдони ажратиб бериш эвазига 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаëтган пайти ДХХ тарафидан қўлга олинган эди.