Очликдан ўлаётганда ҳам инсоний қиёфасини йўқотмаган 101 нафар ўзбек аскари хотирланди

Иллюстратив сурат. Освенцим концлагерининг тирик қолган маҳбуслари, 1945 йил.

Бундан 77 йил аввал фашистлар томонидан отиб ташланган ўзбек аскарлари хотирасини ёдга олиш мақсадида 9 апрель куни кеч соат 9да “Тошкент-Амстердам” телекўприги ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг БЕНИЛЮКС давлатларидаги элчихонаси, Нидерландиядаги ватандошлар ассоциацияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилган телекўприкда «101» романи муаллифлари Анвар Эргашев ва Юлия Медведовская, ўзбек аскарларининг фожеали тақдирини ўрганган ҳолландиялик тадқиқотчи Ремко Рейдинг ва унинг ҳамкасблари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Иккинчи жаҳон урушида фашистлар асирга олган ўзбекистонлик 101 аскар Ҳолландиянинг Амерсфорт шаҳридаги концлагерда сақлангани юзасидан тадқиқотни Ремко Рейдинг бир неча йил олдин эълон қилган эди.

Тадқиқотда айтилишича, фашистлар 1941 йилнинг августида Смоленск яқинида асирга олган аскарлардан тарғибот мақсадида фойдаланишни режалаштиришган. Асирлар орасида қозоқлар, қирғизлар ёки бошқирдлар бўлгани тахмин қилинади, лекин аскарларнинг асосий қисми самарқандлик ўзбеклар бўлган.

Ремко Рейдинг бу асирлар Амерсфорт шаҳридаги концлагерга жойлаштирилгач, камида уч кун оч сақланганини аниқлаган. Шундан сўнг фашистлар янги пиширилган нон олиб келиб, уни асирларга ташлашган. Фашистлар наздида “чалаодам” бўлган ўзбеклар бу нонга ташланиб, бир-бирларига ҳайвонлардай муносабатда бўлишлари лозим эди. Бу ҳолатни немис киночилари тасвирга тушириб, Германия ҳалқига кўрсатиши режалаштирилганди.

Бироқ ўзбек асирлари ўз инсоний ғурурларини сақлаб қолган тарзда миллий қадрият ва анъаналарга амал қилиб, нонни ўта маданият билан тенг бўлишиб еганлар. Бу ҳолат немис фашистларининг ғазабини келтирган.

Лагерда сақланган 101 нафар асирнинг 24 нафари 1941 йилнинг қишида очликдан вафот этган. Қолган 77 нафар асир эса 1942 йилнинг апрелида лагерь яқинидаги ўрмонда отиб ташланган.