Беларус Тошкент вилояти Олмалиқ туманида яшовчи Иккинчи жаҳон урушининг юз ёшли ветерани Абдураҳим Мавлоновга МТЗ-82.1 тракторини совға қилди.
Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси тарқатган расмий хабарда айтилишича, совғани элчи Леонид Маринич топширган ва уруш фахрийсини юз ёшли юбилейи билан қутлаган.
Фахрийга трактор совға қилиш тўғрисида Минск трактор заводи ва унинг Ўзбекистондаги расмий дилери ташаббус кўтарган. Мазкур трактор Мавлоновларнинг фермер хўжалигида ишлатилади.
Элчихона Абдураҳим Мавлонов Иккинчи жаҳон урушида Беларусни немис-фашист босқинчиларидан озод этишда иштирок этганини билдирди. Бундан аввал Беларус озод этилганининг 65 ва 70 йиллиги муносабати билан Абдураҳим Мавлонов мазкур мамлакатнинг медаллари билан мукофотланган эди.
Мавлоновнинг юз йиллик юбилейи тантанасида Ўзбекистон президенти маъмурияти, Тошкент вилояти ва Олмалик шаҳар ҳокимияти вакиллари ҳам иштирок этган.
Аввалроқ президент Мирзиёев 9 май- Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистонда яшаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг ҳар бирига 7,5 миллион сўмдан бир марталик мукофот пули берилиши ҳақидаги қарорни имзолаган эди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг 878 фахрийси яшаётгани расман билдирилган.
Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1,5 миллиондан кўпроқ одам иштирок этган. Улардан 420 мингги ҳалок бўлган, 640 мингги яраланган. 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.